Россиянинг «TNT» каналида эфирга узатиладиган «Рақслар» телелойиҳасида Jorje тахаллуси остида чиқиш қилган бухоролик йигит ҳакамлар ҳайъати аъзоларини ҳайратлантирди, деб ёзади «Podrobno.uz».
23 ёшли раққос Татьяна Денисовадан таҳсил олиш учун келганини маълум қилди. Унинг ёрқин хореографияси Егор Дружин ва Мигелда ўзгача таассурот қолдирди.
Денисова рақсга тушиб бўлган йигитга «Бу сизнинг кийимингизми?» деб кутилмаган савол берди. Унинг саволи бошқа мураббийлар ва залда кулгу уйғотди. Йигит саҳнага оч пушти рангдаги футболкада чиққан эди.
«Бу унчалик менинг услубимга мос бўлмаган кийим. Бироқ мен жиддий эркакларни ҳурмат қиламан. Хореографияда ишониш мумкин бўлган эркакларни қадрлайман», — деди Денисова.
«TNT’даги рақслар 5-мавсуми» лойиҳасида россиялик ва бошқа мамлакатлардан энг иқтидорли раққослар иштирок этади. Лойиҳанинг финалида ғолиб иштирокчи «Мамлакатнинг энг яхши раққоси» номига сазовор бўлади ҳамда 3 миллион рубль миқдорида мукофот олади.
Изоҳ (0)