Қарши шаҳридаги «Бахтли оила» ресторанидаги тўй учун салат тайёрлаган М. Шукуров прокуратура ходимига пора бераётганда қўлга олинди. Ўша тўйдан сўнг 90 киши заҳарланган эди. Бу ҳақда Бош прокуратурага таяниб, «Газета.uz» хабар берди.
М. Шукуров Қарши шаҳар прокурорига унга нисбатан жиноий иш очмаслик ҳамда оммавий заҳарланишга оид иш бўйича жавобгарликка тортмасликни сўраб, пора таклиф қилган.
У прокурор Ш. Нажмиевнинг хизмат хонасида 13-октябр куни соат 13:15 да 500 доллар миқдорида пора бераётган пайтда қўлга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси («Пора бериш») бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Ресторанга келганларнинг саломатлиги ёмонлашуви, дастлабки текширув натижаларига кўра, «Французча» ва «Смак» салатлари истеъмолидан сўнг юз берган. Мазкур салатлар М. Шукуровнинг уйида санитария талаблари бузилган ҳолда тайёрлангани билдирилмоқда.
Изоҳ (0)