Тошкентда Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси томонидан Маданият вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон давлат консерваторияси билан ҳамкорликда Ёш композиторлар республика фестивали ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мазкур фестивалдан кўзланган асосий мақсад кенг жамоатчилик ва ёш авлодни композиторлик ижодиёти намуналари билан яқиндан таништириш, ёш композиторлар ижодини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Беш кун давом этадиган мазкур фестивалда мамлакатда фаолият олиб бораётган ёш истеъдодли композиторларнинг симфоник ва халқ чолғулари оркестри учун яратган асарлари, камер чолғу мусиқалари, Ўзбекистон давлат консерваториясида таҳсил олаётган бўлажак композиторлар ижодидан намуналар янграйди.
Ёш композиторлар асарларини Ўзбекистон миллий симфоник оркестри, Давлат академик халқ чолғулари оркестри жамоалари, халқаро ва республика танловлари совриндорлари ижро этади. Шунингдек, фестиваль доирасида болалар мусиқа ва санъат мактабларида ижодий учрашувлар ва маҳорат дарслари ўтказилади. «Композиторлик ижодиёти масалалари» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.
Фестиваль тадбирлари Ёшлар ижод саройи, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси залларида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)