Жорий йилнинг 14—15 сентябрь кунлари Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри жамоаси театр ҳудудига туташ майдонда очиқ осмон остидаги навбатдаги мусиқий дастурни томошабинлар эътиборига ҳавола этади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
«Open Air. Серенадалар, классик ва рок мусиқа» деб номланган концерт юлдузларга тўла осмон остида, жонли ижрода бўлиши билан аҳамиятли.
Икки кун мобайнида ушбу майдонга мумтоз мусиқа шинавандалари жам бўлади. Навбатдаги Open Air концерти Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрининг янги 89-ижодий мавсуми очилишига бағишланади.
Бу ерда мазкур театрнинг оркестр жамоаси ҳамда моҳир дирижёр Камолиддин Ўринбоев раҳбарлигидаги Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри, опера санъати юлдузлари, халқаро танловлар совриндорлари, иқтидорли ёшлар жаҳон ва ўзбек композиторларининг асарлари, кинофильмларда янграган куй-қўшиқлар, опералардан ариялар, замонавий мусиқа намуналарини санъат мухлислари эътиборига ҳавола этади.