Россия Сурияга С-300ПМ зенитли ракета мажмуаларини бепул етказиб берди. Бу ҳақда «ТАСС» ҳарбий-дипломатик манбасига таяниб хабар бермоқда.
Манбага кўра, 1 октябрь куни Сурияга ҳар бири саккизта пуск қурилмаларидан иборат учта С-300ПМ дивизионларини етказиб бериш якунланган. Техника бунгача Россия ҳаво-космик кучлари ихтиёрида бўлган, у Россия мудофаа корхоналарида капитал таъмирланиб, тўлиқ соз ҳолатга келтирилган ва жанговар топшириқларни бажаришга қодир.
С-300ПМ Сурия томонига бепул берилган. Шунингдек, ҳар битта дивизион учун 100 дан ортиқ зенитли бошқарилувчи ракеталардан иборат жанговар тўплам ҳам етказилган.
2 октябрь куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Сурияга С-300 ракета мажмуаларини етказиш якунланганини маълум қилган эди. Уч ой давомида суриялик ҳарбийларга тизимдан фойдаланиш ўргатилади. Кремль қурол-яроғлар қандай шартлар асосида етказиб берилганини ошкор этишдан бош тортди.
Эслатиб ўтамиз, Россия Латакияда уриб туширилган Ил-20 га жавоб чораси сифатида суриялик ҳарбийларга С-300 зенит-ракетали мажмуани етказиб беришини эълон қилган эди.
Изоҳ (0)