Ўзбекистоннинг қатор олий таълим муассасалари билан Франциянинг Париж-Сьюд, Париж I Пантеон-Сорбонна, Париж IV, Гренобль, Ницца София Антиполис, Тулуза, Бретань-сьюд каби университетлари, Шарқ тиллари ва цивилизациялари Миллий институти, Тулуза шаҳридаги сиёсий тадқиқотлар институти ва Версал шаҳридаги Олий архитектура мактаби ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув ва протоколлар имзоланган, деб ёзади ЎзА.
Бугунги кунда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти негизида Париж халқаро мода академияси филиалини ташкил қилиш масалалари бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Шунингдек, франциялик педагогларнинг Самарқанд «Ипак йўли» туризм халқаро университети фаолияти ва унда француз тилидан сабоқ беришни жорий этишда иштироки борасидаги дастурларни ишлаб чиқиш ишлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Президентининг «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида«ги қарори ижроси доирасида эса Ўзбекистонда француз мутахассислари иштирокида ўзбек ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича семинарлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Ўзбекистонда давлат бошқаруви соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ҳам Франция билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. 2015 йилнинг апрелидан бошлаб Тошкентда ўз ишини ташкил қилиб келаётган «Тошкент Француз альянси» ҳам самарали фаолият юритмоқда.
Айни пайтда мамлакатнинг 1 минг 260 мактаб, коллеж ва лицейларида, шунингдек, 8 та олий таълим муассасасида 280 мингдан зиёд ёшлар француз тилидан сабоқ олмоқда.
Шунингдек, биродарлашган шаҳарлар — Самарқанд билан Лион, Хива билан Версаль, Бухоро билан Руэй-Мальмезон ўртасидаги амалий ҳамкорлик доирасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)