Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармаси томонидан электр энергияси ва табиий газдан қарздорликларни ундириш бўйича ўтказилаётган рейдлар давомида тўловни амалга оширмаган истеъмолчилар тармоқдан узиб қўйилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Бошқарманинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шў’басидан маълум қилишларича, Тошкент тумани «Сабзавот« маҳалла фуқаролар йиғини М.Нигматов кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро А.Ю. хонадони табиий газдан мавжуд 2 миллион 19 минг сўм қарздорлигини тўламагани учун тармоқдан узилган. Ушбу маҳалланинг «Настарин» кўчасида яшовчи фуқаро Ў.М.нинг газдан 2 миллион сўмдан ортиқ, электр энергиясидан 1 миллион 700 минг сўм қарздорлиги аниқланиб, тўловни амалга оширмагани учун тармоқдан вақтинча узиб қўйилган.
Пискент тумани, «Мўминобод» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Қ.Қ.нинг табиий газдан қарздорлиги 1 миллион 500 минг сўмга етган. Аввал МИБ инспекторлари томонидан истеъмолчига ушбу қарздорликни тўлаш бўйича талабнома ҳам берилган. Тадбирда Қ.Қ. кетма-кет тўй ўтказгани боис қарздорликни тўлай олмаслигини маълум қилган. Шу сабабли ушбу фуқаро хонадони ҳам табиий газ тармоғидан вақтинча узиб қўйилди.
Туманда ўтказилган рейд тадбирлари давомида электр энергияси тармоғига қонунга хилоф равишда ўзбошимчалик билан уланиб олиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Хусусан, «Файзиобод» маҳалласи «Истиқлол» кўчасидаги 66-хонадон электр энергиясидан 2 миллион сўмдан ортиқ қарздорлиги учун август ойида тармоқдан узилган эди. Рейд давомида фуқаро А.Ж. ўз хонадонини ўзбошимчалик билан электр тармоғига улаб олгани аниқланиб, тегишли тартибда чора кўрилди.
Изоҳ (0)