20 сентябрь куни Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи (ТАТКК)да «АКТ конвергенцияси» ва «Электрон бизнес» йўналишлари бўйича ўзбек-корейс факультети очилади, дея хабар бермоқда Spot. Бу ТАТКК ва Улсан коллежининг қўшма лойиҳасидир.
«Икки тарафлама таълим тўғрисидаги меморандум 1 август куни имзоланган эди. Шериклик алоқалари ўтган йиллар мобайнида ўрнатилган», — деди коллеж директори Дмитрий Ли.
Икки тарафлама таълим икки босқичдаги ўқишни англатади. Биринчи йили талабалар Тошкентда ўқиб, махсус фанларни ўзлаштиради, параллел равишда эса корейс ва инглиз тилларини чуқур ўрганади.
Тошкентда биринчи курсни тугатиб, талабалар маҳаллий намунадаги дипломни қўлга киритади. Иккинчи курс Жанубий Кореяда — шерик коллежда олиб борилади. Битирувчиларга халқаро намунадаги дипломлар берилади, улар билан Улсан университети ёки Жанубий Кореядаги исталган ОТМга имтиҳонсиз, бевосита бакалавриатнинг учинчи курсига ўқишга кириш мумкин.
Ўқиш пулли. 2018 йилда янги факультетга ТАТКК ёки бошқа профил коллежлар битирувчилари қабул қилинади. Шунингдек, иккинчи мутахассисликка эга бўлиш истагидаги ўрта махсус ёки олий маълумотли шахслар ҳам талаба бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)