Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Баҳодир Деҳқанов Самарқанд вилоятида сайёр қабул ўтказмоқда. Қабулнинг илк кунида Самарқанд шаҳри ва Самарқанд тумани аҳолиси учун сайёр қабул бўлиб ўтди. Бу ҳақида «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда.
Сайёр қабулда шу вақтгача ўзларини қийнаб келаётган, ечим топилмаган масалалар юзасидан муаммолар бўйича ўнга яқин фуқаролар мурожати ўрганилди.
Хусусан, Самарқанд шаҳар «Боғичинор» маҳалласидаги 77, 79, 81 ва 87-уйларда яшовчи кишилар ҳудуддаги кўп қаватли уйлар орасида аҳоли хоҳиш-истаклари инобатга олинмаган ҳолда олиб борилаётган қурилиш ишларини тўхтатиш юзасидан бир қатор ташкилотларга мурожаат қилган. Лекин кутилган натижага эришилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари сайёр қабулда уларнинг мурожаатини эшитиб, бу масала бўйича аҳоли фикри инобатга олиниши ва тез орада асослантирилган хулоса берилиши билдириб ўтилди.
Олий суд раиси ўринбосари ва Олий суд судьялари ҳар бир мурожаатчини эшитиб, уларнинг масалалари бўйича тегишли тартибда жавоб бермоқда. Ўрганиш талаб этиладиган мурожаатларга муддат белгиланиб, фуқаролар бундан хабардор қилиниши айтилди.
Олий суд раисининг яна бир ўринбосари Холмўмин Ёдгоров Пастдарғом ва Ургут туманларида ушбу туманлар ва Нуробод ҳамда тайлоқлик аҳолини қабул қилди. Жойлардаги сайёр қабуллар чоғида аҳоли билан юртимиздаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳақида мулоқотлар ҳам ўтказилди.
Олий суд раиси ўринбосарларининг сайёр қабуллари давом этмоқда.
Изоҳ (0)