2018 йил январь-август ойлари якунларига кўра, Ўзбекистонда ташқи савдо айланмаси 20,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,5 фоизга ўсди. Шу жумладан, экспорт ҳажми 8,6 миллиард АҚШ долларга (ўсиш суръати 4,4 %) ва импорт ҳажми 12,0 миллиард АҚШ долларига (ўсиш суръати 31,2 %) етди. Ташқи савдо салдоси минус 3,4 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида айтилади.
2018 йил январь-август ойларида экспорт ҳажми 8,6 миллиард АҚШ долларга (ўсиш суръати 4,4%) тенг бўлди. Экспорт таркибида товарлар 76,9 % улушга эга, булар асосан энергия манбаалари ва нефть маҳсулотлари (20,4 %), озиқ-овқат маҳсулотлари (8,6 %), шунингдек, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (7,2 %) гуруҳлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Жорий йилнинг январь-август ойларида импорт ҳажми 12,0 миллиард АҚШ долларига (ўсиш суръати 31,2 %) тенг бўлди. Импорт таркибида энг катта улуш машина ва асбоб ускуналар (40,1%), кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (13,4 %) ҳамда озиқовқат маҳсулотлари (9,1 %) гуруҳлари ҳисобига тўғри келди.
2018 йилнинг январь-август ойларида республикага 153 дан ортиқ хорижий давлатлардан товар ва хизматлар импорти амалга оширилган. Шулардан 5 та энг йирик бўлган Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Корея Республикаси, Қозоғистон ва Туркия ҳамкор давлатларидан жами импорт ҳажми 7 359,2 миллион АҚШ долларига тенг. Бу эса умумий импорт ҳажмининг 61,2 %ини ташкил қилади.
Изоҳ (0)