АҚШ халқаро миқёсда эътиборга сазовор бизнес тадбир — саккизинчи Марказий Осиё савдо форумини илк бор Ўзбекистонда ўтказади. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан Ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинаётган ушбу тадбир жорий йил 17—18 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.
Марказий Осиё савдо форуми бизнес жамиятига истиқболда 70 миллиондан ошиқ мижози мавжуд минтақанинг ривожланаётган бозорларидаги янги имкониятлар билан танишишга имкон беради. Ўтган йили Олмаотадаги форум 18 мамлакатдан 1100 дан ортиқ қатнашчини йиғди.
Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида 2011 йилда ўтказилган биринчи форумда эса Осиё, АҚШ, Европа ва Яқин Шарқдан келган корхона раҳбарлари, давлат арбоблари ва мутахассислар ғоялар алмашиш, шартномалар тузиш ва келажакдаги ҳамкорлик учун янги шерикчилик яратиш учун ушбу форумдан фойдаланган.
Бу йил «Савдо ва инвестицияларни ривожлантиришда янги истиқболлар» деб номланган форум Марказий Осиё, айниқса Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро савдо учун очилиб бораётганини акс эттиради. Форум билан бир пайтда савдо кўргазмаси ҳам бўлиб, унда бутун минтақадаги турли тармоқлар, жумладан, транспорт, туризм, ахборот технологиялари, асбоб-ускуна ишлаб чиқариш, мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш каби йўналишлардаги корхоналар иштирок этади.
Изоҳ (0)