Тошкентда ташкил этилган Ўзбекистон—Беларусь бизнес-форуми ва кооперацион биржада икки давлат ишбилармон доираларининг 500 га яқин вакили иштирок этди. Бу ҳақда Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбир Беларусь президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида ташкил этилди. Ташкилотчилар Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги ва икки мамлакат савдо-саноат палаталари бўлди.
Форумда умумий қиймати 193,3 миллион доллар бўлган 82 та экспорт-импорт шартномалари имзоланди ва умумий қиймати 38 миллион доллар бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Келгуси йилларда тахминан 20 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Тошкентнинг Олой бозори ҳудудида Беларусь маҳсулотлари дўкони фаолиятини бошлади. Минскда ҳудди шундай ўзбек маҳсулолари дўконини очиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Бизнес-форум давомида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш учун икки мамлакат ўртасида минтақалараро алоқаларни ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди. Томонлар Минск, Брест, Витебск, Могилев ва Гомел вилоятларида ҳамда Минск шаҳрида Ўзбекистон ҳудудлари вакилларининг ташрифи чоғида ўтказилган учрашувлар ва музокаралар натижаларининг юқори самарадорлигини қайд этди.
Изоҳ (0)