Президент қарори асосида Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалига ўқишга қабул қайта тикланиб, 130 нафар йигит-қиз жорий йилда талабалар сафига қабул қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мазкур таълим даргоҳи учун ажратилган бинода 5 миллиард сўмлик қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, ўқув бинолари ва жиҳозлари янгиланди. Ўқув-услубий қўлланмалар, бадиий адабиётларни жамлаган ахборот-ресурс маркази, компьютер хоналари ташкил этилди. Замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминланди.
Белгиланган барча юмушлар ўз муддатида бажарилиши натижасида 2018—2019-ўқув йили учун тиббий таълим, тиббий педагогика ва олий ҳамширалик факультетларига 130 нафар талаба қабул қилинди. Янги ўқув йилидан бошлаб бу ерда 500 дан зиёд талабага 9 нафар фан доктори, 34 фан номзоди ва малакали ўқитувчи-мураббийлар сабоқ беради.
— Вилоят ҳокимлигининг кўмаги билан кейинги босқичда 9 миллиард 100 миллион сўмлик капитал реконструкция, жиҳозлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган, — дейди Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали директори Ғофиржон Султонов. – Ҳозирги кунда филиалимиз томонидан Россия, Жанубий Корея, Германия сингари мамлакатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Изоҳ (0)