Бугун, 31 август санасида Индонезиянинг Жакарта ҳамда Палембанг шаҳарларида XVIII ёзги Осиё ўйинларининг 13-куни бўлиб ўтмоқда.
Дзюдо бўйича -100 кг вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Шерали Жўраев делегация ҳисобига 20-бронза медалини ёзиб қўйди. У бронза учун кечган баҳсда Бирлашган Араб Амирликлари номидан мусобақада қатнашган Иван Ремаренкога қарши гиламга чиқиб, иппон баҳоси билан ғалабага эришди.
Мазкур бронза Ўзбекистон дзудочиларининг делегация ҳисобига келтирган учинчи медали бўлди. Бундан олдин -60 кг вазндаги Диёрбек Ўрозбоев олтин, аёллар ўртасида эса -70 кг вазндаги Гулноза Матниёзова бронза медалга эга чиққанди.
Умумий ҳисобда Ўзбекистоннинг айни дамда медаллари сони 54 тани ташкил этмоқда. Шулардан 15 таси олтин, 19 таси кумуш, 20 таси эса бронза. Делегация ҳозирча 7-ўриндан жой олиб турибди.
Изоҳ (0)