Наманган шаҳар ИИБ профилактика катта инспектори раҳбариятга унга пора таклиф этилаётгани ҳақидаги билдирги билан мурожаат қилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ матбуот хизмати маълум қилди.
28 август куни Наманган шаҳри, 1-кичик туманда яшовчи, 1977 йилда туғилган Р.Зулфия яшаш хонадонида фоҳишалик билан шуғулланаётгани аниқланади. У навбатдаги «мижоз» — Тўрақўрғон туманида яшовчи, 1960 йилда туғилган В.Носирнинг кўнглини овлаётганида қўлга тушади.
Ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида эркак ҳуқуқ-тартибот ходимига пора беришга уринади.
Ушбу ҳолат бўйича вилоят ИИБ ўз хавфсизлиги бўлими ва Наманган шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида В.Носир профилактика инспекторига ҳужжатларни расмийлаштирмаслик эвазига 500 минг сўм берган вақтида ушланди.
Ушбу ҳолат бўйича шаҳар прокуратураси томонидан шу куннинг ўзида V.Носирга нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Изоҳ (0)