Жарқўрғон туманидаги Сурхонтекс қўшма корхонаси пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Унинг ишлаб чиқариш қувватини янада кенгайтириш мақсадида жорий йилда бу ерда 9,5 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Тижорат банки томонидан ажратилган 9,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари эвазига зарур замонавий ип-йигирув дастгоҳлари билан жиҳозланди. Натижада корхонада йилига 9 минг тонна ип-калава, 4 минг погон метр газлама ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда қўшма корхонанинг кенгайтирилиши ва ишлаб чиқариш қувватининг оширилиши ҳақида маълумот берилди.
Корхонада пахта хом-ашёсидан тайёр мато ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларда фаол қатнашган, фидойилик кўрсатган ишчи-ходимларнинг икки нафарига Damas ва Spark автомобили, бир гуруҳига эсдалик совғалари топширилди.
Модернизациялаш натижасида ташкил этилган янги цехлар ҳисобига кенгайиб бораётган Сурхонтекс фаолияти билан танишув, унинг тобора ортиб бораётган иқтисодий даромад олиш имкониятлари барчада катта таассурот қолдирди.
Реклама ҳуқуқи асосида
Изоҳ (0)