Самарқанд шаҳрида «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини амалга оширишга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда «Зарафшон» хабар бермоқда.
Мажлисда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, барча секторлар раҳбарлари, республика тижорат банклари раислари ва ўринбосарлари, вилоят, шаҳар ва туманлардаги мутасадди идора ва ташкилотлар бошлиқлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси М.Нурмуратов, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов дастурни амалга оширишда маҳаллий ҳокимликлар, секторлар раҳбарлари ва банклар олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритди.
Дастур асосида Самарқанд вилоятига 140 миллиард сўмлик имтиёзли, яъни 7 фоизли кредит маблағлари ажратилиши белгиланган. Кредит ажратишда ортиқча расмиятчиликларга барҳам бериш, сохта маълумотлар ва сон ортидан қувиш ўрнига иш сифатида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Кредитни ундан фойдалана оладиган, бунга эҳтиёжи бор оилаларга бериш, имкон қадар кўпроқ кишилар бандлигини таъминлаш ва оила фаровонлигини оширишга йўналтириш зарурлиги қайд этилди.
Изоҳ (0)