Қонли шаршара — бу Антарктикада 30 метрли қиялик бўйлаб оқиб тушувчи қип-қизил сув оқими, деб ёзади Hi-Tech Mail.Ru.
Тадқиқотчилар Антарктидадаги қип-қизил шаршара қандай пайдо бўлганини аниқлашга бир асрдан кўпроқ вақт сарфлади.
Шарқий Антарктиданинг Мак-Мердо қуруқ водийларидаги Тейлор музлигидан оқиб тушувчи шаршара биринчи марта 1911 йилда аниқланган. Дастлаб қизил ранг майда қизил сувўтлари туфайли келиб чиққанлиги тахмин этилганди. Аммо 2003 йилда тадқиқотчилар сувга занг тусидаги қизғиш рангни темир оксиди бераётганини аниқлади.
Яқинда олимлар ҳатто паст ҳароратда ҳам тўхтаб қолмайдиган ғалати сув оқими қаердан тушаётганини билиб олди. Маълум бўлишича, шаршара музликлар ичида 1 миллион йил давомида қолиб кетган кўлдан бошланади. Аляска университети ва Колорадо коллежи олимлари сувнинг қаердан бошланганини эхолокация ёрдамида аниқлади.
Тадқиқотлар радиотўлқинли датчик билан олиб борилди: қурилма муз орқали радиоимпульслар юборади, улар муз орасидан эркин ўтади.
Шўр сув тўлқинларни тўсишига қарамай, пировардида тадқиқотчилар музликлар ичида яширинган улкан ер ости кўлини аниқлади. Орадан қарийб бир йил ўтгач, кўлнинг мавжудлиги энг ишончли усул — бурғулаш ёрдамида тасдиқланди. Муз қатламидан ўтган бурғи қип-қизил рангга бўялди.
Кўлдан олимлар ўта тузли, углевод миқдори ўта юқори, жуда совуқ сувда, қуёш нурларисиз, муз остида тирик қолишга қодир бўлган митти микробларни топди. Уларни ўрганиш организмлар қандай қилиб коинот каби экстремал муҳитларда тирик қолишда давом этишини тушунишга ёрдам бериши керак. Шу тариқа, қонли шаршара бошқа сайёраларни ўзлаштиришни тезлаштиришда ёрдам беради.
Изоҳ (0)