Москвадаги қурилиш объектларидан бирида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари муштлашган, оқибатда қирғизистонлик эркак вафот этган. Бу ҳақда Қирғизистон элчихонаси матбуот хизматига таяниб, Sputnik хабар бермоқда.
Эркак баландликдан йиқилиб ҳалок бўлган. Россия тергов қўмитаси Кузминка туманлараро бўлинмаси ушбу ҳодиса юзасидан текширув ўтказмоқда. Жанжал иштирокчиларининг барчаси қўлга олинган ва тергов қилинмоқда.
Маълум қилинишича, ўзбекистонликлар 10 кишини, қирғизистонликлар 4 кишини ташкил қилган. Ҳодиса Некрасовка туманидаги Вертолётчилар кўчасидаги 1-уй қаршисида юз берган.
Хабарда айтилишича, айни вақтда ушбу ҳодиса юзасидан жиноят иши очиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Ҳалок бўлган қирғизистонлик жасади 31 июль куни ватанига юборилади.
Изоҳ (0)