Россия президенти Владимир Путин урушни тугатиш учун Украинадан Донбасснинг ҳали ҳам назорат остида бўлган қисмини тарк этишни, НАТОга аъзоликдан воз кечишни, нейтралликни сақлаш ва ўз ҳудудида Ғарб қўшинларини жойлаштирмасликни талаб қилмоқда. Бу ҳақда Кремлдаги юқори даражадаги муҳокамалардан хабардор уч манбага таяниб, Reuters хабар берди.

Манбаларга кўра, Путин ва Трамп 16 август куни Аляскада уч соат давомида Украина бўйича муросани муҳокама қилган. Саммитдан сўнг Россия президенти келишувлар Украинада тинчлик ўрнатилишига йўл очишига умид билдирди. Бироқ иккала давлат раҳбари ҳам музокаралар тафсилотларини очиқламади.
Аслида Путин 2024 йил июнь ойида билдирган ва Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ҳамда Запорожье вилоятларидан тўлиқ воз кечишини назарда тутган ҳудудий даъволарида муросага келган. Бу маълумотни масаланинг нозиклиги туфайли исмини ошкор қилмаган манбалар тасдиқлаган.
Россия Украинанинг бешта вилояти масаласида муросага келди, деган эди АҚШ президенти махсус вакили Стив Уиткофф.
Украина эса бу шартларни рад этиб, ҳудудий ён босишни таслим бўлиш билан тенглаштирган. Уч манбага кўра, янги таклифлар доирасида Россия президенти ҳали ҳам Украинанинг Донбассдан бутунлай чиқиб кетишини талаб қилмоқда. Ўз навбатида, Россия Запорожье ва Херсон вилоятларидаги ҳозирги туташув чизиғи бўйлаб жанговар ҳаракатларни тўхтатишга тайёр.
АҚШ ва очиқ манбалар эса Россия Донбасс ҳудудларининг 88 фоизини, Запорожье ва Херсон вилоятларининг 73 фоизини назорат қилишини билдирган.
Яна бир эҳтимолий келишув доирасида Россия Харьков, Суми ва Днепропетровск вилоятларидаги ўз назорати остидаги ҳудудларни Украинага қайтаришга тайёр, деди манбалар.
Путин ҳамон Украинадан НАТОга қўшилмасликни, нейтрал мақомда қолишни, армия сонини чеклашни ва Ғарб қўшинлари Украина ҳудудида тинчликпарвар сифатида жойлаштирилмасликни талаб қилмоқда.
Украина қандай позицияда?
Украина президенти Владимир Зеленский халқаро миқёсда тан олинган ҳудудлардан қўшинларни олиб чиқиш ғоясини бир неча бор рад этган. Унга кўра, Донбасс Россиянинг Украина ичкарисига кириб боришига тўсқинлик қилувчи қалъа вазифасини ўтамоқда.
Агар биз шарқдан қўшинларни шунчаки олиб чиқиш ҳақида гапирадиган бўлсак, биз бундай қила олмаймиз. Бу энг кучли мудофаа чизиқларини ўз ичига олган мамлакатимизнинг омон қолиш масаласидир, деган Зеленский.
НАТОга қўшилиш эса Украина конституциясида мустаҳкамланган стратегик мақсад бўлиб, Киев томонидан хавфсизликнинг энг ишончли кафолати сифатида кўрилади. Зеленский альянсга аъзо бўлиш қарори Россияга боғлиқ эмаслигини айтган.
Изоҳ (0)