Рақобат қўмитаси хорижга ишга юбориш бўйича ноқонуний реклама жойлаштирган икки блогер судга берилганини маълум қилди.

Қўмита томонидан хорижга виза олиш ва ишга жўнатиш билан шуғулланувчи субъектлар ҳақидаги реклама-ахборотлар бўйича ўтказилган ўрганишларда ижтимоий тармоқлардаги @iwash_tashkent саҳифасини юритувчи блогер О.Жўраев ҳамда @abdurahmonmufid саҳифасини юритувчи блогер А.Абдураҳмоновлар томонидан Аdwоrld Group МЧЖ фаолиятига оид хорижга ишга юбориш хизматлари ҳақида реклама-ахборотларини жойлаштириб, фуқароларга консалтинг хизматлари эмас, айнан хорижга ишлаш учун юбориш бўйича хизматлар билан шуғулланиб келаётгани реклама қилингани аниқланган.
“Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистондан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлари уларда Ўзбекистондан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лисензия мавжуд бўлган тақдирда тақдим этилиши белгиланган.
Бунда, тегишли лицензиясиз хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш тақиқланади.
Шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасида ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лисензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилиш тақиқланган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ижтимоий тармоқларда ўз блогларини юритувчи фуқаролар О.Жўраев ва А.Абдурахмоновга нисбатан қонун бузилиш ҳолати бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, судга юборилди.
Аdworld Group ҳақида
Ушбу МЧЖ ижтимоий тармоқларда Черногория, Сербия, Англия, Литва, Норвегия, Уммон ва Япония каби давлатлардаги иш ўринларини реклама қилган. Фуқароларга консалтинг баҳонасида, аслида хорижда ишга жойлаштириш хизматларини таклиф этган. Мазкур фаолият “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда, лицензиясиз амалга оширилган.
Рақобат қўмитаси август ойининг бошларида ушбу компаниянинг ноқонуний фаолиятини айрим кўп сонли кузатувчиларга эга бўлган блогерлар ҳам ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилганини, улар орқали берилган нотўғри реклама одамларда ишонч уйғотиб, кўплаб фуқаролар компания хизматларидан фойдаланиш учун пул тўлашга рози бўлиб, алданиб қолганини маълум қилганди.
Adworld Group МЧЖга нисбатан 112,5 миллион сўм миқдорида жарима тайинланган. Жарима ихтиёрий равишда тўланмагани сабаб маблағни суд орқали ундириш ишлари бошланган.
12 август куни видеоларида букмекерлик хизматларини реклама қилган икки нафар вайнерга тегишли чоралар кўрилганди. 23 июлда қимор ўйинларини реклама қилган 4 нафар вайнер судга берилганди. Уларнинг барчаси жойлаштирган видеороликларида Melbet букмекерлик товар белгисидан фойдаланган.
Изоҳ (0)