Колумбиянинг Кали шаҳрида 21 август куни автомобиль портлаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди, 36 нафар фуқаро жароҳат олди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Портлаш шаҳарнинг шимолий қисмида жойлашган Марко Фидел Суарес ҳарбий авиация мактаби яқинида юз берган. Полиция дастлабки маълумотларга таяниб, 36 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олганини билдирган. Кали мери Алехандро Эдер ҳодисани қоралаб, ҳужум ортида турган шахсларга оид маълумот берганларга мукофот ваъда қилган.
Портлашдан бир неча соат олдин, Меделин шаҳри яқинидаги қишлоқ ҳудудида полиция вертолёти ҳужумга учраган. Расмийларга кўра, ҳодиса оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлган. Иккала ҳужумдан сўнг Колумбия президенти Густаво Петро ва ҳарбий раҳбарият фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махсус хавфсизлик кенгашини тузган.
“Мамлакат террорчилик олдида чекинмайди. Бундай жиноятлар қонуний тартибда қатъий жазоланади”, дейилади Колумбия Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Гувоҳларга кўра, Кали шаҳридаги портлашда кўчадаги фуқаролар ҳалок бўлган, яқин атрофдаги кўплаб уйлар зарарланган. Воқеа жойи яқинидаги мактаблар ва бинолар ичидаги одамлар эвакуация қилинган. Шунингдек, шаҳарга катта юк машиналарининг кириши вақтинча тақиқланган.
Колумбия Мудофаа вазири Педро Санчес портлашни “террорчилик ҳужуми” сифатида баҳолаб, бу иш ортида “Мордиско” номли наркокартел турганини билдирмоқда. У бу ном билан собиқ “FARC” гуруҳининг ҳозирда фаол бўлган етакчиларидан бири, Иван Мордискони назарда тутган.
“Бу наркотрафикка қарши курашда жамоавий ютуқларимизга берилган ваҳший ва шафқатсиз жавобдир. Давлат бу хатти-ҳаракатларни шундай қўйиб қўймайди”, деди Санчес.
Президент Густаво Петро полиция вертолётига уюштирилган ҳужумга алоҳида тўхталиб, самолёт кокаиннинг асосий таркибий қисми бўлган кока баргларини йўқ қилиш вазифасини бажарриш учун кетаётганини билдирган. Маълумотларга кўра, вертолёт дрон орқали нишонга олинган ва ерга қулаб тушган. Ҳужум оқибатида 12 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлган, бироқ уларнинг ҳалок бўлиши портлаш ёки қулаш оқибатидами — ҳозирча номаълум. Санчеснинг айтишича, ушбу ҳужум ортида “FARC” гуруҳининг энг йирик бўлинмаси ҳисобланган “EМC” исёнчи гуруҳи турибди.
Колумбияда сўнгги ойларда хавфсизлик кучлари билан қуролли гуруҳлар, собиқ исёнчилар ёки наркокартеллар ўртасидаги тўқнашувлар тез-тез кўзга ташланмоқда. Айниқса, дрон орқали уюштирилаётган ҳужумлар сони ошиб бормоқда — 2024 йилда шунга ўхшаш 115 та ҳужум қайд этилганди.
Изоҳ (0)