Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июль куни жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда парламент ва ҳукумат аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари қатнашди.
Йиғилишда ҳуқуқбузарликлар ва уларни содир этишга мойил шахслар ҳисобини юритиш масаласига тўхталиб ўтилди. Навбатчилик қисмларининг эскича услубда иш юритаётгани жиноят ҳақидаги хабарларнинг баъзан эътиборсиз қолишига ёки ҳисобдан яширилишига сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Шу боис Ички ишлар вазирлигининг Ахборот марказини Бош прокуратура таркибига ўтказиш, навбатчилик қисмларини республика бўйича ягона ахборот ва бошқарув тизимига бирлаштириш, ҳуқуқбузарликларни рўйхатга олишнинг электрон тизимини жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, ҳар бир ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фаолияти рейтингини жорий этиш вазифаси қўйилди.
«Ҳар бир жиноятнинг илдизигача етиб бориш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш керак. Акс ҳолда, жиноятнинг оқибатлари билан овора бўлиб юраверамиз. Бундай кайфият билан ишлашга йўл қўймайман», — деди Президент.
Йиғилишда йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилнинг 6 ойида рўй берган шундай ҳодисаларнинг 871 тасида 943 нафар одам ҳалок бўлган, яна кўплаб инсонлар жароҳатланган. Ҳайдовчи ва пиёдаларнинг билими, қоидаларга итоаткорлиги ва йўл ҳаракати иштирокчиларига ҳурмати пастлиги бунга сабаб бўлган.
Йиғилишда ички ишлар ходимларининг муомала маданияти, улар ўртасида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари учраб тургани муҳокама этилди. Шахсий таркибни тарбиялаш ва кадрларни ротация қилиш, ички ишлар органларининг таҳлилий-ҳуқуқий ва прогнозлаш фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Видеоселекторда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилди, вазифалар белгилаб берилди.
Изоҳ (0)