Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХ бошқармаси томонидан вилоят ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қатор профилактик рейд тадбирлари амалга ошириб келинмокда. Лекин олиб борилаётган профилактик чора-тадбирларга қарамасдан, айрим ҳайдовчилар томонидан транспорт воситасини маст ҳолда ёки тегишли ҳужжатларсиз бошқариш ҳолатлари учрамоқда. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида вилоятнинг барча 22 та шаҳар ва туманида махсус рейд тадбирлари ўтказилиши режалаштирилди.
26 июль куни Чиноз тумани ва Янгийўл шаҳрида ўтказилган тадбирлар давомида жами 138 нафар ҳайдовчи транспорт воситаларини тегишли ҳужжатларсиз бошқарган ва 6 нафар ҳайдовчи маст ҳолда транспорт воситаларини бошқарганлиги аниқланди. Ушбу ҳайдовчиларнинг транспорт воситалари вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилди.
ЙПХ инспекторларининг «Дарё»га маълум қилишича, Чиноз туманидаги вақтинчалик жарима майдончасига машиналар сиғмай қолган. Шу сабабли баъзи машиналар пахта пункти ҳудудига жойлаштирилган.
Бугун, 27 июлда рейдлар Янгийўл тумани ва Янгийўл шаҳри ҳудудида бўлиб ўтмоқда.
Изоҳ (0)