Самарқанд вилояти Жомбой тумани Ҳолвойи маҳалласида 100 йил аввал қурилган эски жадид мактаби бор. Асосчиси Саидаҳмад Сиддиқий—Ажзий бўлиб, у жадидчилик ҳаракатининг пешқадам вакилларидан эди. Бугунгача маърифатпарвар шоир асос солган мактаб эътибордан четда қолиб келаётганди, деб ёзади ЎзА.
Яқинда салкам вайрона ҳолга келиб қолган мактаб биносини асл ҳолича тиклаш ишлари бошланди. Тўрт хонадан иборат тарихий бино тўлиқ реставрация қилиниб, Ажзий меросини ўзида жамлаган музейга айлантирилади.
ХХ асрнинг бошларида «Зарафшон» номли кутубхона ҳам эл орасида анча шуҳрат топган. Ҳолвойидаги мазкур кутубхонада Россия, Қрим, Кавказ, Тбилиси, Макка ва бошқа шаҳарларда чоп этилган нодир китоблар жамланган бўлиб, уларни шоирнинг ўзи хорижга қилган сафарлари чоғида келтиргани маълум. Эски жадид мактабининг бир қисмида ана шу кутубхона ҳам қайта тикланади.
Таниқли олим, профессор Бегали Қосимов 1989 йилда Ажзийнинг жадидчилик фаолиятини тадқиқ этиш учун ушбу мактабга ташриф буюрган. Аянчли аҳволни кўргач, борини сақлаб қолиш, музейга айлантириш ҳақида туман мутасаддилари ва аҳолига мурожаат қилган.
Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган Озод Шарафиддинов, Ботирхон Валихўжаев каби таниқли олим ва ижодкорлар мактабга келиб, таклиф ва ташаббус кўрсатган.
«Бобомиз Саидаҳмад Сиддиқийнинг мероси бизда қарийб сақланмаган, — дейди шоирнинг эвараси Баҳодир Баҳронов. — 125 йиллик юбилейида мактабга топширганмиз. Ҳозирча, кимларнинг қўлида экани номаълум. Жорий ўқув йилидан 40—50 нафар бошланғич синф ўқувчиси тарихий мактабнинг замонавий ўқув хоналарида таҳсил олади».
Қурилиш ишлари якунлангач, музейни экспонатлар билан бойитиш керак бўлади. Шоир, публицист, таржимон, мунаққид, маориф ходими сифатида фаолият юритган Ажзийдан бой маънавий мерос қолган.
Шерзод Исоқулов, «Жомбой тонги» мухбири
Изоҳ (0)