102-Россия ҳарбий базаси ҳарбий хизматчилари 17 июль куни Арманистоннинг Широқ вилоятидаги Паник қишлоғига бостириб кириб, ҳарбий-ўқув машғулотларини ўтказди, деб ёзади Forum Daily. Болалар қўрқувдан ҳушини йўқотди, қишлоқ аҳолиси уруш бошланди, деб ўйлади.
«Ўттизга яқин аскар қишлоқ йўлини тўсиб, ўз колоннасини тўхтатди ва ўт очди. Хайрият, патронлар жанговар эмас экан. Ўқ овозларини эшитиб, бутун халқ уйларидан югуриб чиқди, ҳатто баъзи болалар ҳушидан кетди», — деди қишлоқ раҳбари Вардан Макеян.
У қишлоқ ҳудудида ҳарбий машқлар ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ўтказилишини ҳақоратли деб ҳисоблайди. У воқеа ҳақида полицияга ва мамлакат хавфсизлик хизматига хабар берди. Ҳодиса акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Кейинроқ Широқ вилояти губернатори Карен Саруханян Гюмридаги 102-Россия ҳарбий базаси вакили Алексей Полюхович билан учрашди, у ҳолат юзасидан кечирим сўраб, бундай хатолик бошқа қайтарилмаслигига ваъда берди. У шунингдек, текширув ўтказилиб, айбдорлар жазоланишини ҳам айтди.
Изоҳ (0)