Жорий йилда абитуриентлар билимини баҳолаш жараёнига аралашишга йўл қўйилмайди. Бу ҳақда Давлат тест маркази директори Мажит Каримов «Газета.uz»га берган интервьюсида маълум қилди.
«Тест натижалари текшириладиган Давлат тест маркази биносига 50 дан ортиқ кузатув камералари ўрнатилди. Бундан ташқари, жараён Давлат хавфсизлик хизмати томонидан назорат қилинади. Бинода мобил алоқа ишламайди, стационар телефон ҳам йўқ. Maxсус назорат режими 15 августдан кейин олиб ташланади», — дейди Мажит Каримов.
Қайд этилишича, жорий йилда 810 минг нафар абитуриент тест топширади.
«Жорий йилда 810 минг нафар абитуриентни кутяпмиз. Ҳар йилги ўсиш 10—15 фоизни ташкил этади. Жорий йилда биринчи марта тест синовлари 1 августдан 15 августгача икки сменада ўтказилади.
Биринчи смена соат 09:00 дан 12:00 гача, иккинчи смена соат 15:00 дан 18:00 гача давом этади. Абитуриентлар тест синови бошланишидан ярим соат аввал бинода бўлиши керак.
Тест натижалари имтиҳоннинг эртаси куни эълон қилинади. Биз натижаларни 2 августдан бошлаб, сайтимиз орқали эълон қила бошлаймиз. Натижаларнинг электрон версиясини тест синовлари ўтказилган ОТМларга юборамиз. Абитуриент тест топширган куннинг эртасигаёқ тўплаган баллари ҳақида маълумотга эга бўлади», — дейди Давлат тест маркази директори.
Изоҳ (0)