«Иммунология ва инсон геномикаси соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион ишларни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот канали хабар бермоқда.
Қарорга мувофиқ, Республика иммунология илмий маркази Иммунология ва инсон геномикаси институти этиб қайта ташкил этилди ва Фанлар академияси тасарруфига ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида институтнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган филиаллари ташкил этилди.
Институтнинг асосий вазифалари этиб, шу жумладан, биотиббиётнинг умумжаҳон ютуқлари билан ўзаро боғлиқ комплекс тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда соҳага юқори малакали кадрлар тайёрлаш белгиланди.
Институт ҳузурида пулли асосда Фанлар академияси, Соғликни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг иммунология ва инсон геномикаси соҳасида мутахассислар малакасини оширадиган ва уларни қайта тайёрлайдиган ихтисослашган марказ ташкил этилади.
Изоҳ (0)