8 июль куни Тошкентдаги «Малика» савдо мажмуасида пичоқбозлик рўй берди. Воқеа видеоси интернетда тарқалди.
Тошкент шаҳар ИИББ воқеа юзасидан баёнот берди.
Кеча, 8 июль куни, соат тахминан 17:30 да Шайхонтоҳур тумани «Малика» савдо мажмуаси ҳудудида сотувчи, 1988 йилда туғилган Н.А. ҳамда харидор, 1989 йилда таваллуд топган А.Ш. ўртасида келишмовчилик юзага келди. Натижада муқаддам судланган А.Ш. сотувчининг кўкрак қисмига тан жароҳати етказади ва ўзининг Nexia автомашинасида воқеа жойидан қочиб кетди. Жароҳат олган сотувчига Юнусобод туманидаги 7-шаҳар клиник шифохонасида тиббий ёрдам кўрсатилди.Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Тезкор-суриштирув ишлари натижасида гумонланувчининг шахси ва бошқарувида бўлган автомобиль давлат рақами аниқланди. Ҳозирда гумондор қўлга олинган.
Айбланувчининг сўзларига кўра, ўзаро жанжал сотувчи ва унинг опаси ўртасида келиб чиққан. Ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)