Тошкент шаҳар ички ишлар идораларига Lacetti русумидаги автомобиль ўғирлаб кетилганлиги ҳақида хабар келиб тушди. Воқеа жойига зудлик билан тезкор-тергов гуруҳи етиб борди ва «Қўлга олиш» режаси эълон қилинди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати маълум қилди.
Жабрланувчи, Фарғона вилоятида яшовчи Баҳром И. онасини Тошкент шаҳрига шифохонага олиб келганди. Меҳмонлар Яккасарой тумани, Қушбеги мавзесида яшовчи қариндошлариникида бир кеча қолишни ният қилади. Кўп қаватли уй йўлагида машина ва унинг ичида калити ҳам қолдирилади.
Эрталаб эса автомобиль ўғирлангани аниқланади ва бу ҳақда дарҳол Яккасарой тумани ИИО ФМБга хабар берилади. Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 267-моддаси («Транспорт воситасини ўғирлаш») билан жиноят иши қўзғатилди.
Орадан уч кун ўтиб, қидирув ишлари ўз натижасини берди. Тошкент вилоятининг туманларидан бирида олиб қочиб кетилган автомобиль топилди. Бармоқ изларидан олинган намуналар ёрдамида ўғриликни содир этган шахс ҳам аниқланди. Гумондор аввал судланган Маҳмуд А. бўлиб чиқди.
Қўлга олинган Маҳмуд А. айбига иқрор бўлди ва бундан аввал ҳам ҳайдовчи салонда автомобиль калитини қолдириб кетган вазиятда ўғирлик қилганлигини тан олди. Бундан ташқари, шу йил апрель ойида масжидлардан бирида 2 та уяли алоқа воситасини ўғирлаб кетганига иқрор бўлди.
Изоҳ (0)