Исроил ҳарбий разведкаси бошқармасининг собиқ генерали Аҳарон Ҳаливанинг махфий аудиоёзувлари Исроилнинг Channel 12 телеканали томонидан интернетга сиздирилди. Унда генерал Ғазода ҳалок бўлаётган ўн минглаб фаластинликларнинг ўлимини “келажак авлодлар учун зарур ва муҳим” деб айтади. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Собиқ генералнинг таъкидлашича, Исроил томонидан бой берилган ҳар бир қурбон эвазига 50 нафар фаластинлик ҳалок бўлиши лозим.
“7 октябрь воқеаларидаги ҳар бир қурбон эвазига 50 нафар фаластинлик ҳалок бўлиши керак. Бу қурбон бола ёки катта бўлишидан қатъий назар, аҳамиятсиз. Факт шуки, Ғазода аллақачон 50 минг киши ўлган ва бу келажак учун зарур”, деган Ҳалива.
Генералнинг айтишича, фаластинликлар ҳар сафар бир “накба”га (арабчада катта фожиа) дуч келиши керак, токи улар қилмишларининг оқибатини ҳис қилсинлар”. Накба — фаластин тарихидаги энг қайғули воқеалардан бири бўлиб, 1948 йилда Исроил давлати тузилган пайтда 700 мингдан ортиқ фаластинлик ўз уйидан қувиб чиқарилганди.
Ҳалива 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАСнинг Исроил жанубига қилган ҳужуми вақтида разведка бошлиғи бўлган. Ўша ҳужумларда 1200 киши ҳалок бўлган, 250 киши гаровга олинган эди. У 2024 йил апрелида раҳбарлик масъулиятини тан олиб, истеъфога чиққан биринчи юқори мартабали офицерга айланган. Аудиоёзувларда Ҳалива фақат армия эмас, балки Исроил сиёсий раҳбарияти ва хавфсизлик хизмати (Шин Бет) ҳам 7 октябрь фожиасига масъул эканини таъкидлайди. Унга кўра, раҳбарият ҲАМАС ҳужум қилмайди, деган нотўғри фикрда бўлган.
Ҳалива Channel 12 га берган изоҳида гаплари “ёпиқ форумда айтилгани”ни таъкидлаб, бу “тўлиқ вазиятни ифодаламайди” деган. Шунингдек, у гапларидан афсусда эканини ҳам билдирган. ҲАМАС Ҳаливанинг гапларини қоралаб, “бу ёзувлар фаластинликларга қарши жиноятлар юқори даражадаги сиёсий ва хавфсизлик қарорлари асосида амалга оширилаётганини тасдиқлайди”, дея баёнот берган.
Исроил Ғазодаги уруш сабаб тобора кўпроқ халқаро босим остида қолмоқда. Янги Зеландия бош вазири Кристофер Лаксонга кўра, Бенямин Нетаньяху “вазиятни бутунлай бой берган”, Ғазо шаҳрини босиб олиш эса “қабул қилиб бўлмайдиган иш”. Дания бош вазири Метте Фредериксен эса Нетаньяхуни “ўзи алоҳида муаммога айланган шахс” деб таърифламоқда.
БМТ махсус қўмитаси 2024 йил ноябрь ойида Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари “геноцид белгилари билан мос келишини” таъкидлаганди. Июль ойида эса икки исроиллик ҳуқуқ ташкилоти мамлакатни “геноцид содир этаётганликда” айблаган. Яҳудий армияси эса бундай даъволарни қатъиян рад этиб, ўз ҳаракатлари халқаро ҳуқуққа мос эканини билдирмоқда.
Изоҳ (0)