Тошкент, Марказий, Шимоли-ғарбий, Шарқий ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округларида «Ёшлар куни»га бағишланган спорт мусобақалари, қурол-аслаҳа кўргазмалари, фестиваллар ҳамда байрам сайллари ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Шарқий ҳарбий округига қарашли Қўқон шаҳридаги ҳарбий қисмда 200 нафар ёшлар иштирокида спортнинг 7 та тури бўйича мусобақа бўлиб ўтди. Бундан ташқари Ёшлар иттифоқининг аъзолари Қува туманидаги ҳарбий қисмга ташриф буюриб, ҳарбийлар ҳаёти ва уларнинг кун тартиби билан танишди. Ҳарбий қисмда меҳмонлар учун қурол-аслаҳа кўргазмаси, электрон тирда беллашув ташкиллаштирилди. Шунингдек, уларга ҳарбийча тушликдан тановвул қилиш имконияти тақдим этилди.
Бухоро ва Қарши гарнизонларида эса «Очиқ эшиклари куни» бўлиб ўтди. Ҳарбий қисм шахсий таркиби вилоятда «Ёшлар куни»га бағишлаб марафон, тош кўтариш, арқон тортиш каби спорт уйинларини ташкил қилди. Ушбу тадбирларда 200 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи иштирок этди.
Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги қарашли Самарқанд гарнизони офицерлар уйи ҳарбий оркестр жамоаси хамда Самарқанд вилояти Ёшлар иттифоқи кенгаши ҳамкорлигида ёшлар фестивали ва концерт дастури ташкиллаштирилди.
Изоҳ (0)