Ўзбекистонда охирги 3 йил мобайнида ишлаб чиқаришда 1214 та бахтсиз ҳодиса содир бўлди, улардан 241 таси ўлим билан якунланди. Бу маълумотлар Давлат раҳбарининг «Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат муҳофазаси ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳасида келтирилган, дея хабар беради «Podrobno.uz».
Ҳужжатда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ва мажбурий меҳнат кўринишлар юзасидан мурожаатлари сони 21 мингтага етгани, айниқса хусусий секторда бу муаммо долзарб тус олгани қайд этилган.
Мамлакатда бу борадаги вазиятни ўзгартириш учун Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ва Меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитларини экспертизадан ўтказиш давлат инспекциясини бирлаштириш йўли билан Давлат меҳнат инспекциясини тузиш режалаштирилмоқда.
Янги инспекция жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари асосида ҳуқуқий ва мулкий шаклидан қатъий назар, барча корхона ва ташкилотларда бандлик, меҳнат ва меҳнат муҳофазаси бўйича қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан режадан ташқари қисқа муддатли текширувлар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ҳужжатда инспекция томонидан меҳнат қонунчилигига бўйсунмаслик ҳолатлари такрор қайд этилган, жумладан, иш берувчи билан меҳнат муносабатлари белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган тақдирда, жиноий жавобгарликкача бўлган жазони қўллаш таклиф этилган.
Изоҳ (0)