Ўзбекистон Президентининг «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, унга кўра солиқ органлари солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси, уларга сервис хизматлари кўрсатувчи давлат органига айлантирилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур қарорга асосан Давлат солиқ қўмитасининг Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти тугатилиб, уларда ишлайдиган жами 1245 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Ижтимоий тармоқларда Давлат солиқ қўмитасининг ҳудудий давлат солиқ органларига юборилган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашиш ва барча солиқ текширувлари та’қиқланиши тўғрисидаги махсус топшириғи тарқалган эди.
Бундай турдаги назорат тадбирларини ўтказиш айнан фаолияти тугатилган тузилма ваколатига кирар эди. Шу сабабли Давлат солиқ қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат солиқ хизмати органларидаги айрим нопок ходимлар томонидан коррупцион ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида махсус топшириқ юборилган.
Ўзини солиқ органи ходими деб таништириб, фаолиятингизга ноқонуний аралашган, таъмагирлик, манфаат эвазига «ҳомийлик» қилишни таклиф этган шахслар тўғрисида Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилиш ёки қисқа 1198 «Ишонч телефони»га хабар бериш сўралган. Ҳар бир мурожаат қўмита томонидан алоҳида назоратга олиниши ва мурожаат этувчининг шахси ошкор этилмаслиги кафолатланиши билдирилган.
Изоҳ (0)