Ижтимоий тармоқларда Россия божхона хизмати томонидан мусодара қилинган товарлар ярмаркалари Тошкентда ташкил қилинаётгани ва уларда сотилаётган маҳсулотларнинг сифатсизлиги борасида муҳокамалар авж олди. Журналист Инна Аккерманцева масалага аниқлик киритди.
Июнь ойида пойтахт туманларидаги кўп қаватли уйларнинг кириши ва устунларда Россия божхонаси томонидан мусодара қилинган товарлар бир кун давомида арзонлаштирилган нархларда сотилиши ҳақидаги эълонлар мунтазам равишда пайдо бўла бошлади. Ҳушёрроқ кишида бу эълоннинг шубҳа уйғотиши табиий. Бироқ эълон матни шу қадар пухта тузилганки, энг зийрак одам ҳам унга ишониб қолиши аниқ. Табиий тери маҳсулотлари, бир кунлик имконият, товарларни ярим нархга сотиб олиш — буларнинг барчаси одамларни қизиқтира олиш учун етарли. Савдонинг шубҳали жойда ўтказилиши, ҳатто кийимларни кийиб кўриш учун шароитнинг йўқлиги ҳам ҳеч кимни тўхтатиб қолмайди, негаки хаёлда «ўйлаб ўтиришга вақт йўқ, бунақада улгурмайман, муҳими бошқа жойдан бунчалик арзон нархларни тополмайман», — деган фикрлар айланаверади.
Афсуски, бизнинг туманимизда ярмарка тугаган эди. Бироқ савдо уюштирилган бинонинг бир девор қўшниси бўлган дорихонадаги фармацевт менга қуйидагиларни гапириб берди: «Кеча иккита йигит бир неча соат давомида сифатсиз куртка ва оёқ кийимлар сотди. Курткаларни қўлимга олиб кўрмадим — уларнинг эски урфдаги экани шундоққина кўриниб турган эди. Оёқ кийимлар эса кўринишидан Хитойдан келтириладиган туфлиларни эслатар эди, уларни бозорда тахминан 200 минг сўмга сотиб олиш мумкин. Бироқ одамлар нарсаларни сотиб олар эди, балки уларга сифат маъқул келгандир… Савдо эълонда ваъда қилинганидан бир неча соат илгари якунланди, негаки йигитлар шошар, Самарқандда савдони давом эттиришлари кераклигини айтар эди».
Сотувчиларнинг виждонсизларча маркетинг ҳийлаларидан фойдаланганини кўриб, суратларни Facebook’даги «Жамоатчилик назорати» («Общественный контроль») гуруҳига жойладим. Фойдаланувчилар қолдирган изоҳларга қараганда, кўпчилик бу каби эълонларни пойтахтнинг бошқа ҳудудларида (Лисунова, Сергели ва ҳоказо) ҳам кўрган. Фойдаланувчилардан бири қуйидагиларни ёзади: «Қўшни кампир охирги пулига табиий теридан ишланган оёқ кийим сотиб олди, бироқ кейин туфлиларнинг тери ўрнини босувчи бошқа материаллардан қилингани маълум бўлди».
Пухта ўйланган режа
Агар бирор саволнинг жавобини топа олмасанг, уни Google’дан изла. Мен ҳам шундай қилдим. Маълум бўлишича, бу найранг Россияда кенг тарқалган ва сунъий теридан ишланган оёқ кийимларни ўз нархидан қимматга сотишнинг синалган усули ҳисобланади. Найранг Россияда «Фин ярмаркаси» номини олган. Шаҳар ва қишлоқлар бўйлаб ўз маҳсулотларини сотиб юрадиган фирибгарлар эълоннинг матнини, ҳатто шрифтини ҳам ўзгартирмайди, эълонда фақатгина жой номи ўзгаради, холос.
Мени ажаблантиргани шуки, интернетда «Қандай қилиб мусодара қилинган маҳсулотларни сотиб фойда кўриш мумкин?» деган махсус курслар ҳам бор экан. Бу каби курсларни тамомлаганлар эса пухта ёзилган эълон ёрдамида Хитой маҳсулотларини нафақат Россия, балки бутун МДҲ ҳудудида сотади. Белоруссиянинг Могилёв ва Қозоғистоннинг Павлодар шаҳарларида «тадбиркор»лар фош қилинган. Қўлга тушган фирибгарлар маҳсулотларнинг божхонада мусодара қилинганини тасдиқлайдиган ёки товар ташиш ва сотишга рухсат берадиган ҳеч қандай ҳужжат тақдим эта олмаган. Қозоғистонда касса назорати аппарати ва терминалнинг йўқлиги учун сотувчиларга маъмурий жарима белгиланган. Могилёвда эса божхона ходимлари сотувчиларга нисбатан маъмурий иш очган.
Эълонда Россия ҳукумати идоралари — Санкт-Петербург ва «Росимушество» ҳудудий бошқармасининг номи келтирилгани учун биз бевосита Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат қилишга қарор қилдик. Элчихонадан бизга қуйидагича жавоб келди: «Консуллик бўлими Россиянинг божхона органларига сўров юборди. Ҳозирча бизга расмий жавоб келгани йўқ. Бироқ шусиз ҳам аниқ айтиш мумкинки, эълонда тилга олинган Россия давлат органлари ҳеч қачон мусодара қилинган маҳсулотларнинг савдосини бошқа мамлакат ҳудудида уюштириш билан шуғулланмайди».
Дарҳақиқат, Россия божхонаси ярмарка уюштирмаслигини билиш қийин эмас. Бунинг учун, эълонда тилга олинган «Росимушества»нинг расмий сайтида келтирилган қонунчилик талабларига эътибор қаратишнинг ўзи кифоя:
«Маъмурий қоидабузарликлар оқибатида мусодара қилинган енгил саноат маҳсулотлари Россия Федерацияси ҳукуматининг 2003 йил 29 май куни қабул қилинган «Давлат мулкига айлантирилган мол-мулкни рўйхатга олиш, баҳолаш ва тасарруф қилиш тўғрисида»ги 311-сонли қарорида белгиланган тартибда йўқ қилинади».
Ким нимани сотмоқда?
Хўш, уддабурон «тадбиркорлар» бизга қандай маҳсулотларни сотишга уриняпти? Ҳойнаҳой, Финляндия ва Белоруссия маҳсулотлари деб сотилаётган товарлар қайсидир улгуржи бозорлардан арзон нархларда сотиб олингандир. Шундай экан, Ўзбекистон божхона ва солиқ хизматларига бериладиган бир қанча саволлар пайдо бўлади:
1. Реклама эълонларида маҳсулот ҳақида келтирилган маълумотлар ҳаққонийми?
2. Сотувчиларда мусодара қилинган товарни сотиш учун рухсатнома борми?
3. Бир кунлик савдо жойларида касса назорати аппаратининг йўқлиги савдо қоидаларининг бузилиши ҳисобланадими?
4. Бир неча соат ишлаган дўконда кийим харид қилиб ҳеч қандай чек олмаган истеъмолчи сотиб олган маҳсулотининг сифатидан норози бўлса кимга мурожаат қилиши мумкин?
5. Ўзбекистон ҳудудига киритиладиган товарларнинг қонунийлиги қай тарзда текширилади?
Харидорга эслатма
Бу каби эълонларга алданиб қолманг. Ахир, биласиз-ку, бепул пишлоқ фақат қопқонда бўлади. Табиий тери маҳсулотларини сотиб олишдан олдин уларнинг сифатини яхшилаб текшириб кўринг. Агар сиз бу масалага ўзингиз аниқлик кирита олмасангиз, кийимлар сифатини сиздан яхшироқ тушунадиган бошқа бирор кимсани ўзингиз билан бирга олиб боринг. Ёдда тутинг, биз назарда тутаётган сотувчилар «мусодара қилинган» товарларни биринчи йил сотаётгани йўқ, биргина сизнинг шаҳрингизда сотаётган ҳам эмас. Демак, улар бу ишнинг ҳақиқий моҳирларидир. Ва унутманг, бу каби бир кунлик акциялар фирибгарлар учун қўл келади, негаки сиз уларга пулни ўз хоҳишингиз билан берасиз ва ҳеч қачон қайтариб ололмайсиз …
Инна Аккерманцева, журналист
Изоҳ (0)