Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 21 июнь куни тармоқлар ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш натижалари таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мамлакатда инвестиция муҳити яхшилангани натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармоялар фаол кириб келмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг беш ойида 776 та янги қўшма ва хорижий корхона рўйхатдан ўтказилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 496 тага кўпдир. Шунингдек, жорий йилда хорижий инвестициялар иштирокида 377 та ҳудудий ва 148 та тармоқ лойиҳалари бажарилиши белгиланган.
Давлат раҳбари лойиҳаларни амалга ошириш жараёнларини енгиллаштириш долзарб масала эканини таъкидлади.
Президентнинг 20 июнь куни қабул қилинган «Инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини жадал амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ана шу мақсадга қаратилган. Мазкур қарорга кўра, бундан буён Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида амалга ошириладиган инфратузилма лойиҳалари бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини экспертиза қилишда тўлов олинмайди.
Президент қарорда белгиланган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш, инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари бўйича ҳужжатлар тайёрлаш, экспертиза қилиш ҳамда тасдиқлашнинг янги, янада соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди.
Жорий йил учун тасдиқланган инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари рўйхатига киритилган, бажарилишида сусткашликка йўл қўйилган ҳар бир лойиҳани жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар, ичимлик суви тармоқлари ва бошқа ижтимоий объектлар қуриш ишларини молиялаштириш ҳамда ўз вақтида фойдаланишга топшириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Йиғилишда инвестицияларни, энг аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва самарали ўзлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди. Инвестиция таклифларини шакллантириш, инвесторлар топиш, лойиҳалар ишлаб чиқиш, экспертиза қилиш, молиялаштириш ва амалга ошириш бўйича қатор топшириқлар берилди.
Изоҳ (0)