Бирлашган Араб Амирликларида иккала оёғи ҳам кесиб ташланган ва ногиронлар аравачасида ҳаракатланадиган эркак мамлакатда 3D-принтердан чиқарилган протезга эга бўлган биринчи фуқаро бўлди, деб ёзади UAE Inside.
25 ёшли дубайлик Фаҳд Муҳаммад Али 15 йилдан ортиқ ёғоч протез оёқ таққан, энди эса ўзига атаб ясалган 3D-принтерда ясалган протезда ҳаракатланмоқда.
«Бу жуда ажойиб. Бу протезлар билан бемалол юришим, югуришим, велосипед учишим ва бошқа ҳаракатларни ҳам бажаришим мумкин», — деди у.
Дубай электр энергияси ва сув ресурслари бошқармасида муҳандис ёрдамчиси бўлиб ишлайдиган Али янги протезини «ҳаётини ўзгартириб юборган нарса» деб атади.
Протез ясашдан аввал беморнинг кесиб ташланган оёқлари бир неча марта 3D-сканерланган. Шундан сўнг протезнинг ички шаклини ишлаб чиқиш ва модификациялаш учун CАД дастурий таъминотидан фойдаланилган. Кейин 3D-принтерда синов нусхаси чиқариб олинган, ўлчами қайта текширилиб, киритиладиган ўзгартиришлар белгилаб олингач, якуний протезлар ясалган.
Изоҳ (0)