Коррупция жинояти учун 12 йилга озодликдан маҳрум этилган Бразилиянинг собиқ президенти Луис Инасиу да Силва Rede TVT телеканали ва Brasil Atual радиостанцияси учун футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионати учрашувларини шарҳлаб боради. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар бермоқда.
Лула да Силва Россияда ўтаётган чемпионат ҳақидаги фикрларини ёзиб олиб, уларни «Papo com Zé Trajano» дастури таҳририятига йўллайди. Собиқ президентнинг фикрлари 18 июнь куни — Бразилия ва Швейцария терма жамоалари ўртасидаги учрашувда, жонли эфир давомида ўқиб эшиттирилади.
Луис Инасиу да Силва апрель ойи бошида — Бразилия Олий суди сиёсатчининг адвокатлари апелляциясини маъқуллашдан бош тортгач, охир-оқибат панжара ортидан жой олган эди. Шундай қилиб, Лула да Силва 2018 йилги Бразилия президенти сайловида қатнашиш имконидан маҳрум бўлди. Таҳлилчиларнинг фикрича, агар сайловда қатнаша олганида, у ғолиблик учун асосий даъвогар бўларди.
Изоҳ (0)