Бухорода ўғлини ҳарбий қисмга ишга жойлаштириш ниятида юрган аёлдан 1500 доллар олган «фолбин» ва унинг ҳамтовоғи ушланди. Бу ҳақда UzNews хабар берди.
Фуқаро Д.Камолованинг аризаси асосида олиб борилган терговга қадар текширувлар давомида аниқланишича, Ғиждувон туманида яшовчи Нурилло Қудратов ҳамда Бозор Эргашев олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, Д.Камоловани алдаш ва ишончини суистеъмол қилиш йўли билан унинг мулкини қўлга киритишни кўзлаб, ўғли Ф.Бўроновни Қарши шаҳридаги 59-сонли ҳарбий қисмга ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, 1500 долларни талаб қилиб олиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга шароит яратиб берган омиллар ўрганилганда, Нурилло Қудратов узоқ йиллардан буён фолбинлик ва табиблик билан шуғулланиб келаётганлиги, ўзининг ва оиласидаги муаммоларини дуо ўқитиш, фол кўрсатиш орқали ҳал этишга муккасидан кетган Д.Камолова эса унинг уйига тез-тез бориб, дуо ўқитиб келишга одатланганлиги маълум бўлди.
Аёлнинг барча муаммоларидан хабардор бўлган, содда, ишонувчан эканлигидан фойдаланган Нурилло фолбин уни «ҳожатбарор» Бозор Эргашев билан таништиради. Гўё ўғлини ишга жойлаштира оладиган «амалдор»ни топиб бергандек, уни алдаб, пора беришида далолатчилик қилади. 1500 долларни қўлга киритган Бозор Эргашев эса салкам 8 ой аёлни лақиллатиб, ўғлини ишга жойлаштирмасдан, олган пулларини ҳам қайтариб бермай, ушбу пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.
Мазкур ҳолат юзасидан Қудратов Нурилло Ҳикматуллаевич ҳамда Эргашев Бозор Рамазоновичларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми ва 28-211 моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Шофиркон туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)