Бугун, 13 июнь куни соат 18:00 дан 20:00 гача «Минор» масжиди ва қабристони атрофидаги йўллар вақтинча ёпилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот берди.
Хабар беришларича, Шароф Рашидов кўчасининг Осиё (Хуршид) кўчасидан Кичик ҳалқа йўлигача бўлган қисми («Минор» қабристони дарвозаларидан бири шу бўлакда жойлашган), Кичик ҳалқа йўлининг Шароф Рашидов кўчасидан Лабзак кўчасигача бўлган қисми («Минор» масжиди шу бўлакда жойлашган), Лабзак кўчасининг Нурафшон кўчасидан Кичик ҳалқа йўлигача бўлган қисмида автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланади.
«Юзага келган ноқулайлик учун узр сўраймиз», — дейилади ИИББ ахборотида, бироқ йўллар нима сабабдан ёпилаётганига аниқлик киритилмаган.
Бугун эрта тонгда Анвар қори Турсунов вафот этгани ҳақида аввалроқ хабар берилганди. Унинг жанозаси «Минор» масжидида аср намозидан сўнг ўқилади. Аср намози 17:57 да бошланади.
Изоҳ (0)