Францияда чордоқдан топиб олинган Хитой императори Цянлунь даврига оид (1736—1795 йиллар) сопол ваза Париж шаҳрида ўтказилган Sotheby’s аукционида 16,2 миллион еврога сотилди ва аукцион уйининг француз бўлими учун рекорд бўлди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Аукцион уйи сайтида маълум қилинишича, кийик, қуш ва қайинлар тасвири туширилган камёб сопол ваза Франциядаги уйнинг чордоқидан тасодифан топиб олинган ва оёқ кийими қутисида аукцион уйининг Париж бўлимига етказилган. Идиш ўзининг сўнгги эгаларига уларнинг 1947 йилда вафот этган қариндошидан мерос тарзида етиб келган. Sotheby’s томонидан таъкидланишича, ваза Францияга XIX асрнинг охирида келиб қолган.
Француз матбуотининг маълумотларига кўра, идишнинг янги эгаси савдо вақтида залда бўлган хитойлик киши бўлган. Вазанинг якуний нархи унинг дастлабки баҳоланган 500—700 минг евро нархидан бир неча марта ошиб кетган.
Изоҳ (0)