Нукус шаҳри яқинидаги котлован ҳудудидаги кичик кўлларда фламинго қушлари пайдо бўлди, деб ёзмоқда ЎзА.
Фламинго қушлари Қорақалпоғистоннинг Судочье, Жалтирбас кўлларидан қушларнинг миграция даврида учиб келган.
— Мен 20 йилдан буён шу ерда яшайман. Қушларнинг ҳар хил турларини кўрганман. Лекин бу ҳудудда шу йили биринчи маротаба фламинго қушлари тўдаси пайдо бўлди, — дейди Трофим исмли йигит. — Ҳозирда у қушлар тўдаси учиб кетди, лекин иккитаси қанотидан ярадор бўлганлиги учун тўдадан ажралиб қолган.
Қизилқум қўйнидаги Нукус шаҳридан 27 километр узоқликда жойлашган ҳудудда қушлардан ёввойи ғоз, ўрдак, қашқалдоқ, бирқозон, ҳайвонлардан тулки, қуёнларни кўплаб учратиш мумкин. Фламинголар эса аввал бу жойларга келмаган.
Энг қизиғи, фламинголар артемиялар билан озиқланиб, танасига ёғ йиғади, натижада пушти рангга кира бошлайди. Улар айниқса, кўпайиш вақтида пушти рангга кириб жуфти ҳалолини топиш, мафтун қилиш мақсадида артемияни кўпроқ тановул қилади.
Изоҳ (0)