Самарқанд вилояти мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича 2018 йилга мўлжалланган «Йўл харитаси»да жорий йилда туман ва шаҳарларда 106 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси очиш режалаштирилган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шунингдек, 112 мавжуд бинода давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат MTM ташкил этиш ва 15 уй-боғча фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Вилоят мактабгача таълим бошқармаси маълумотларига кўра, йил бошидан буён тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан 146 нодавлат, 87 давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш юзасидан мурожаатлар бўлган. Уларнинг 179 таси бўйича бино ва ер ажратиш тўғрисида туман, шаҳар ҳокимларининг қарорлари қабул қилинган.
Самарқанд шаҳридаги «Камалак эко нур» хусусий нодавлат мактабгача таълим муассасаси ҳам ана шу имкониятлар туфайли ташкил этилган боғчалардан биридир.
— Нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш ҳаракатини 2016 йилда бошлаганмиз, — дейди «Камалак эко нур» мактабгача таълим муассасаси раҳбари Ш. Рустамова. — Шаҳардаги фойдаланилмай турган собиқ мусиқа мактаби биносини ижарага олиб, реконструкция қилишга киришдик. Бинода 150 тарбияланувчига шароит яратилиб, жиҳозланди. Жорий йил март ойидан тарбияланувчиларни қабул қилиш бошланди. Ҳозирда боғчамизга 60 нафардан ортиқ бола қабул қилинган. 30 га яқин ходим фаолият кўрсатмоқда. Муассаса тўла қувват билан иш бошлагач, яна 60 кишини ишга қабул қиламиз.
Муассасада машғулотлар ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Шунингдек, инглиз тили ва ментал арифметика болаларнинг ёшидан келиб чиқиб, чуқурлаштирилган ҳолда ўргатилади. Гимнастика, аэробика, шахмат-шашка тўгараклари эса болаларнинг жисмонан баркамол улғайиши ва ақлий ривожланишига ёрдам беради.
Изоҳ (0)