Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети Тошкент филиалининг 23 нафар талабаси ўқишдан четлатилгани ҳақида хабар берилганди. Бугун Facebook ижтимоий тармоғидаги «Халқ билан мулоқот» гуруҳида бўлиб ўтган тўғридан-тўғри мулоқот вақтида Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Дилмурод Набиев ушбу масалага ойдинлик киритди.
«Ҳар бир университетнинг тартиб-низоми мавжуд. Талабалар ўзи таҳсил оладиган Олий таълим муассасасининг талабини баражмаса ўқишдан четлаштирилади. Губкин университетининг Тошкентдаги филиали ҳеч қандай ноқонуний равишда, мутлақо асосли ҳолда, талаблар доирасида 23 нафар талабани четлатиш бўйича қарор чиқарган. Уни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Алоҳида талаба учун низом ишлаб чиқилмайди. Бу масалани чуқур ўрганиб чиқдик, қарор тўғри қабул қилинган».
Олий ўқув юрти декани Шавкат Равиловга кўра, университетдан жорий йилда 22 киши академик қарздорлик, яна бири эса ички тартиб-қоидаларга бўйсунмаганлиги сабабли талабалар сафидан чиқарилган.
Деканнинг таъкидлашича, талабалар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни истаб уч марта адвокат ҳам ёллаган. Аммо ўқув юрти раҳбарияти томонидан тақдим этилган ҳужжат (буйруқ ва асос)ларни ўрганиб чиққан адвокатлар ўқишдан четлаштириш қарори тўғри қабул қилинган, деган хулосага келиб, талабаларни ҳимоя қилишдан бош тортган.
Изоҳ (0)