Хитой Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Сингапурга АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашиш учун отланган вақтда, унинг самолётига ҳамроҳлик қилиш учун қирувчи самолётни жалб қилиши мумкин. Бу ҳақда South China Morning Post Жанубий Корея ҳарбий-ҳаво кучларидаги манбасига таяниб хабар берди.
Манбага кўра, агар Хитой ўз ҳудудида эскорт тақдим этса, бу АҚШ ва Жанубий Корея учун Шимолий Корея ҳукуматининг кучли тарзда қўллаб-қувватланиши ҳақидаги бевосита сигнал бўлиб хизмат қилади. «Давлат раҳбарига қирувчиларнинг ҳамроҳлик қилиши — ҳаво кучлари таъминлаши мумкин бўлган энг олий хавфсизлик протоколларидан бири», — деди у.
Газета ёзишича, КХДР етакчиси Сингапурга борадиган йўналиш номаълум. Аммо экспертлар тахмин қилишича, Ким Чен Ин саммитга айнан Хитой ҳаво ҳудуди орқали парвоз қилади, чунки бу йўлда у учун максимал хавфсизликни таъминлайди. Айни вақтда таъкидланишича, Сингапурда унинг хавфсизлиги учун тахминан 34 нафар тансоқчи масъул бўлади.
Аввалроқ ОАВлар Ким Чен Ин уни Сингапурга кетишда ёки саммит чоғида ўлдиришларидан хавфсираётгани ҳақида хабар берган эди.
АҚШ ва Шимолий Корея етакчиларининг учрашуви 12 июнь куни Сингапурда бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)