Бухорода таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган оздирувчи қаҳвалар савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ДХХнинг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамкорлигида Ғиждувон туманида ўтказилган тезкор тадбирда, 1985 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Натижада чет элда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 34 050 дона Keto Coffee Mix Slim Coffee, 2790 дона SLT Slim Lux Coffee, 3000 дона Hoodia Cactus Slimming Coffee, 720 дона Slim Green Coffee, 5280 дона Nature Complex LK Fat Burning, 1000 дона Lao Se Lon, 12 132 дона Fit90 Fat Burner, 13 392 дона Reduksin Layt, 23 292 дона Sinzishou Plus ва бошқа турдаги дори воситалари борлиги маълум бўлган.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМ хулосасига кўра, мазкур дори воситалари таркибида сибутрамин моддаси мавжуд бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорига кўра сибутрамин кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган.
Ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида ушбу дори воситаларининг хориждан олиб келиниши билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
2024 йилнинг сентябрида Тошкент халқаро аэропортида таркибида кучли таъсир қилувчи модда бўлган салкам 10 минг дона қаҳвалар тўхтатиб қолинганди.
Изоҳ (0)