Тошкент ахборот технологиялари университетининг 10 нафар талабаси Huawei компаниясининг ҳар йилги анъанавий Seeds for the Future («Келажак ниҳоллари») лойиҳаси доирасида ташкил қилинган икки ҳафталик ўқув курсларида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Huawei Tech Investment Tashkent матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Лойиҳада иштирок этиш учун талабалар 2018 йил май ойи охирида Хитойга жўнаб кетган.
Ўқув курслари давомида талабалар Хитойнинг Пекин ва Шэньчжэнь шаҳарларида Huawei’нинг инновацион ечимлари, телекоммуникация тармоқлари, 5G, Cloud services ва IoT бўйича билимларини оширади.
Айни вақтда талабалар компаниянинг Шэньчжэнь шаҳридаги штаб-квартирасида Канада ва Сингапурлик талабалар билан биргаликда таълим олмоқда.
«Мен Seeds for the Future лойиҳасининг бир қисмига айланганимдан хурсандман ва Huawei компаниясига миннатдорчилик билдираман. Бутун дунёдан иқтидорли талабалар телекоммуникация соҳасида янги билимларга эга бўлиш учун Хитойга ташриф буюради. Бу эса ўз навбатида уларга Хитой маданияти билан яқиндан танишиш имконини беради. Ҳозир биз Huawei штаб-квартираси лабораторияларида тренингларда иштирок этмоқдамиз. 2020-га келиб дунёда кенг тарқаладиган 5G технологияларини ўрганиш билан бандмиз. Жамоамизнинг барча аъзолари Seeds for the Future лойиҳасининг бир қисмига айланганидан бахтиёр. Умид қиламизки, олган билимларимиз билан мамлакатимиз АКТ соҳаси ривожланишига ўз ҳиссамизни қўшамиз», — дейди ТАТУ талабаси Сарвар Кулматов.
Изоҳ (0)