«Наманган» нашриёти томонидан тайёрланган «Қардошлик ришталари» номли янги тўплам китобхонлар қўлига етиб борди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
«Қардошлик ришталари» китобининг чоп этилиши Наманган вилояти ҳокимлиги ва адабий жамоатчилиги ҳамкорлигида ўзбек ва қозоқ халқи ижодкорларини бир-бирига яқинлаштириш йўлидаги қадамлардан бири бўлди, дейилади хабарда.
«Шу йил Наврўз байрами арафасида Жанубий Қозоғистон вилоятининг ‘Истеъдод’ адабий бирлашмаси аъзоларидан бир гуруҳи вилоятимизда ижодий сафарда бўлди, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти бўлими масъул котиби, шоир Жамолиддин Муслим. — Меҳмонлар шаҳар ва туманларда учрашув ва мушоиралар ўтказди. ‘Қардошлик ришталари’ китобига ана шу ижодий давраларда ўқилган шеърлар, улардан олинган таассуротлар акс этган мақолалар жамланди».
Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти бўлими томонидан нашрга тайёрланган тўпламдан Ўрмон Собир, Аваз Қўзи, Ҳурбуви Одилова, Абдулла Жалил, Жамолиддин Муслим, Боқий Мирзо, Дилбар Ҳайдарова каби ўнлаб наманганлик ва қозоғистонлик шоир ва адибларнинг ижод намуналари жой олган.
Изоҳ (0)