Наманган шаҳри кўчаларида муаллақ, яъни ҳавода осилиб тургандек кўринадиган пиёдалар ўтиш йўлаги пайдо бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Бу йўлак шаҳар кўчаларида асфальт устига чизиб қўйиладиган, ҳайдовчилар ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари тили билан айтганда «зебра» чизиғидир.
«Президентимизнинг барча соҳаларда инновацион ғоя ва лойиҳалар жорий этилишига қаратаётган эътибори мени шу ғоя устида изланишга ундади ва излаган нарсамни топдим, — дейди вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати бошқармаси йўл назорати бўлинмаси бошлиғи, катта лейтенат Элмурод Комилов. — Дастлаб қоғозга тушириб тақдим этилган лойиҳа раҳбарият томонидан маъқулланиб, синов тариқасида бир-икки жойда амалга ошириш тавсия қилинди».
Мазкур инновацион ғоянинг моҳияти шуки, пиёдалар ўтиш йўлаги узоқдан келаётган автомашина ҳайдовчиси кўзига муаллақ тургандай бўлиб кўринади ва ҳайдовчи ҳушёрлигини ошириб, тезликни камайтиради, натижада пиёдалар йўлдан хотиржам ўтишлари имконияти ортади. Бундай эффект «зебра»ни асфальтга 3D форматда тушириш орқали эришилади. Чизиқларининг ердан кўтарилиб тургандай кўриниши соялар ёрдамида ҳосил қилинади. Бунинг учун одатдаги оқ буёқдан ташқари, қора ҳамда кулранг бўёқнинг икки хил комбинацияси талаб этилади.
Шундай пиёдалар ўтиш йўлагининг дастлабки иккитаси Наманган шаҳрининг Оромгоҳ ва Нодим Намангоний кўчаларида жорий қилинди.
«Пиёдалар ўтиш жойида содир бўладиган кўнгилсиз ҳодисаларни тенг ярмига камайтириш имконини берадиган бу лойиҳани янада такомиллаштириш борасида изланаяпмиз, — дейди Элмурод Комилов.—Яъни, чизиқ ва сояларга термопласт ашё билан ишлов берилса, улар тунда ҳам яққол кўринадиган бўлади. Ҳозирча шаҳарнинг саккиз тартибга солинмаган ўтиш жойида шундай ўтиш йўлаклари бўлади. Жами 40 дан зиёд шундай йўлакка янги технология босқичма-босқич жорий қилинади».
Изоҳ (0)