30 май, чоршанба куни Автомобиль йўллари давлат қўмитасида Япония томонидан Ўзбекистондаги йўл қурилиши ва таъмири учун техникаларни беғараз тақдим этиш бўйича ҳукуматлараро ҳужжатга имзо чекилди. Бу ҳақда Автомобиль йўллари давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Келишувга кўра, Япониянинг Sakai Heavy Industries Ltd компанияси томонидан ишлаб чиқарилган йўл техникалари тақдим қилинади. Техника воситалари «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида Сирдарё, Жиззах, Хоразм ҳамда Қорақалпоғистонда қишлоқ ва овуллар йўлларини таъмирлашда ишлатилади.
Лойиҳа Япониянинг «Иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт дастури» доирасидаги грантлар асосида амалга оширилмоқда. Унга кўра 800 миллион япон иэнаси (7,3 миллион АҚШ доллари) қийматидаги техника беғараз тақдим этилади.
Жумладан, ресайклерлар, шунингдек, узайтирилган резина ғилдиракли, тебранма ҳамда бир барабанли тебранма зичлагичлар етказиб берилади. 1 миллион доллар қийматидаги эҳтиёт қисмлар тақдим қилинади. Ходимларни ўқитиш тадбирлари ташкил қилинади.
Ҳужжатга Ўзбекистон ҳукумати номидан Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев, Япония томонидан мамлакатнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Нобуаки Ито имзо чекди.
Изоҳ (0)